Matmusaning haykali

1991-yildan keyin She’r Umr daryosi. Sharq nashriyoti (2001)

МАТМУСАНИНГ ҲАЙКАЛИ Матмуса — буюк одам! Матмуса зўр саркордир! Унга, тирик бўлса ҳам Ҳайкал қурмоқ даркордир! Келишдилар донолар, Ташаббускор кўп эди. Матмуса-чи? У — камтар, Йўқ демади, хўп деди. Жуда катта шаҳардан Чақирдилар устани. Иш бошланди саҳардан, Ҳа, яшавор! Бос, қани! Доноларда зўр ғайрат, Доноларда куч катта. Лекин улур ҳаракат Осон бўлмас албатта. Кимнидир харсанг босди Кавлаганда тагидан. Кимдир аррада кесди Ёғоч деб билагидан. Қоришмада бир доно Тиззадан ботиб қолди. Ботса майли-я, аммо Сементда қотиб қолди. Барибир денг минг олқиш, Зафар қайда чекмай жон? Саратон бошланган иш Хуллас битди қаҳратон. Қийқириқ, ҳай-ҳай билан Майдонга эл сочилди. Ғата-ғут карнай билан Кўринг, ҳайкал очилди. Сиз бундоқ ажиб тасвир Кўрмагансиз жаҳонда. Матмуса турар мағрур Яхтак, узун иштонда. Халойиққа кўрсатиб Бахт-саодат йўлини, Полвон турар узатиб Машриққа ўнг қўлини. Чап қўлида ушлаган Тақясини ғижимлаб. Ёнида чайнаб юган Эшак турар гижинглаб. Белбоғида осиғлиқ Носқовоғи ярашган. Ҳаммадан ҳам попуклик Иштонбоғи ярашган. Таърифи адо бўлмас, Ҳамма лолу ҳайратда. Лекин бехато бўлмас Зўр асар ҳам албатта. Қўлда тақя — кўп улуғ, Уста уни дўндирган. Лек қўлдаги эсда йўқ, Бошига ҳам қўндирган. Пойабзал жуда яхши, Фақат озгина янглиш — Бир оёғида — маҳси, Бир оёғида — калиш. Эшак ҳам ўзига хос, Бордир андак чатоғи: Қулоғи битта, холос, Лекин бешта оёғи. Буларга аҳли дониш Қилгани йўқ эътибор. Чунки асосий янглиш — Бошқа, улар кўп ҳушёр. Ҳаммага ҳам жон ширин, Ахир шафқат керак-да. Ҳаво совуқ, изғирин, Нега ҳайкал яхтакда? Шу ҳолатда мисли шам Совукда турса уч кун, Матмуса ҳам, эшак ҳам Ҳаром ўлиши мумкин. Муҳокама вақтида Матмуса ҳам бор эди. У ишончу ахдида Маҳкам, устивор эди. Деди қатъий ва кескин: Қайтадан қурмоқ керак! Ҳайкал устига пўстин, Бошига қалпоқ керак. Эслади у жун пайпоқ, Пахталик шимини ҳам. Деди қилинг калинроқ Эшак тўқимини ҳам. Эл — ботир, элга балли, Эл ҳужумга ташланди. Матмусага ҳайкални Қайта қуриш бошланди. Иш бўлмади озмунча, Кўплар бўлди қаҳрамон. Янги ҳайкал битгунча Ёз ҳам келди — саратон. Мана, қуёш ўт пуркар, Шиддат билан бир ёкда. Бир ёкда ҳайкал турар Поча-пўстин, қалпоқда. Халқ кулар бу алфоздан, Қаҳ-қаҳ, мазах битмайди. Барча дер бир овоздан: Бунақаси кетмайди. Аввалгиси асли ғўр, Хатоси бир қоп эди. Аммо ўша эди зўр, Ўша бизга боп эди, Маъқулгина Матмуса Ақли — шайинтарози. Дер: «Кўпчилик не деса Биз эмасмиз норози». Яна меҳнат. Юз кунча Тер тўқдилар беармон. Ёзги ҳайкал битгунча Қиш келди-ку қаҳратон... Ким билсин бу чархпалак Айланарди неча йил — Қишда — ёзлик бўз яхтак, Ёзда — қишлик шамойил. Лекин Матмуса бир кун Ишни шартта қилди ҳал. Деди: тўрт фасл учун Қуринглар тўртта ҳайкал! Халқ унга айтди олқиш Тўртта ҳайкал қурамиз! Баҳору ёз, кузу қиш Алмаштириб турамиз! Бу воқеа юз берган Жуда олис замонда. Энди эл ақли теран Донишқишлоқ томонда. Суриштирса агарда Халқ юз фоиз саводлик. Олимлари шаҳарда Қилаётир устодлик. Бориб кўрдим яқинда Матмуса соғ юрипти. Энди ёзу қиш унда Битта ҳайкал турипти. Эслаб ўтган у ишни Ҳангомалар қилишар. Ҳайкал — тош, Ёзу қишни Фарқ қилмайди, билишар. Лек эҳтиёт ҳар ҳолда Зарар қилмас ҳеч қачон. Қиш келганда ҳайкалга Ёпиб қўйишар чопон.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.