Davlat ishi

1991-yildan keyin She’r Umr daryosi. Sharq nashriyoti (2001)

ДАВЛАТ ИШИ «Мамлакатимизда никоҳга асосан инқилобдан кейингина давлат иши деб қаралди». «Никоҳ ва оила» китобидан Икки жон қовушса юлдузлар огоҳ. Бу қисмат амридир, чарх гардишидир. Ерга тушган чоғи осмоний никоҳ Чакана иш эмас, давлат ишидир. Мана, бахт қушини бошга қўндириб, Йигит самоларда қилмоқда парвоз. Қувон, севганингни ЗАГСга кўндириб, Сен давлат ишини бажардинг, шаввоз! Чол-кампир етмиш йил тотиб ёнма-ён Турмуш лаззатию ғам-ташвишини, Қаранг, билмабдилар илк қовушган он Адо этганларин давлат ишини. Давлат иши қандоқ улуғ, мукаррам, Авом фаросати етган эмасдир. Мирзо Улуғбекни туққан она ҳам Давлат ишин адо этган эмасдир. Ерда инсон наслин қилганда пайдо, Мангулик бадарға бўлиб жаннатдан, Ажаб, Одам Ато ва Момо Ҳаво Ҳужжат олмабдилар ҳеч бир давлатдан. Нақадар ғўр экан содда ва қолоқ Фақат инсоф, имон йўлин тутганлар, Бизнинг маърифатдан бўлмишлар йироқ Қўйди-чикди нима билмай ўтганлар. Савод йўқлигидан тушунмай, э воҳ, Набиралар кўрган манглайи қора Турмуш-тақдир иши, табаррук никоҳ Кўнгил иши, дея билди бечора. Мана, ишқ кўкида қилган парвозинг Муҳрлик қоғозда энди мустаҳкам. Агар бўлмаса шу парча қоғозинг Сеники эмасдир ўз фарзандинг ҳам. Гар ўша қоғозда битта ҳарф хато — Ўғил меросхўрмас ота-онага. Қирқ йил бирга турган эр-хотин ҳатто Ўшасиз кира олмас меҳмонхонага. Никоҳ давлат иши, бахтлар ярқироқ, Мақтаниб оламга достон этганмиз. Тирик етимларнинг сонида бироқ Америкадан кўп ўтиб кетганмиз. Наҳот буни этган инқилоб ижод! Мана бу гўдакнинг чиқмасдан тиши Муниса онанинг меҳридан озод, Унинг тарбияси — давлатнинг иши. На ишчида дастгоҳ, на деҳқонда ер, На олимда бордир илм ташвиши. Экмоқдир, ўрмоқдир, сотмоқ, олмоқдир — Давлатнинг ишидир, давлатнинг иши. Биз оламга ҳайрон, бизга-чи олам, Бир ажиб турфа уй тиклабмиз букун. Бу уйда ҳаммамиз кичкина одам, Давлат жавобгардир ҳаммамиз учун. Сен бойиб қолмассан тўккан билан тер, Ўлмассан ястаниб ётсанг мабодо. Давлат бамисоли улкан Гулливер Митти лиллипутлар ватани аро. Миттиларга хосдир виқор ва савлат, Хаёлда Ер юзи хўжаларимиз. Отамиз — Давлатдир, Онамиз — Давлат, Бизлар инкубатор жўжаларимиз. Лекин ким қайғурар очмизми ё тўқ? Азизим, бефойда даъводан кечгил, Давлат деган сўзнинг бош-оёғи йўқ, Давлат — бу ҳаммамиз, давлат — бу ҳеч ким. Кўнглим орзу қилар танҳо осойиш, Менинг ҳамбиргина хоҳишим бўлсин. Ақалли ёримни бағримга босиш Давлат иши эмас, ўз ишим бўлсин.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.