Sultonmurod
1991-yildan keyin
She’r
Umr daryosi. Sharq nashriyoti (2001)
СУЛТОНМУРОД
Султонмурод давлатманд одам эди. Сахий,маърифатли бой эди. Совет ҳокимияти унинг мол-мулкини мусодара, ўзини элдан бадарға қилди. Бор-йўғидан, ватанидан мосиво бўлиб узоқ элларга жўнаб кетар экан, Султонмурод алам ичида шундай сўзларни айтди.
Шафқат этмай бахтимқаро қилганлар
Шафқатга зор, бахти қаролар бўлгай.
Мени ватанимдан жудо қилганлар
Ватанда ватандан жудолар бўлгай.
Ҳеч қачон, ҳеч ерда ҳеч кимсага, бас,
Талаб олган моли буюрган эмас,
Ер-сувимни олган нобакор ул кас
Ер устида ерга гадолар бўлгай.
Соҳиблик мулк — обод, соҳибсиз —
вайрон.
Эгасиз биядан соғилар айрон.
Юз йил «Хўжасизлик қайдан?» деб ҳайрон
Халойиқ тутгани яқолар бўлгай.
Бунда гаплар кўпу ишлар бўлгай оз,
Эл маъруза егай ва кийгай қоғоз,
Юртнинг эгалари мудом ваъдабоз,
Ишларида юз минг хатолар бўлгай.
Ерида заҳр унар бўлгай бу ўлка,
Жафоларга кўнар бўлгай бу ўлка,
Камоли беҳунар бўлгай бу ўлка,
Дўконида ўтмас матолар бўлгай.
Бенамоз, бехудо, бедин бандалар
Устидан шайтонлар қилгай хандалар,
Имон, эътиқоди парокандалар
Бошида кичкина худолар бўлгай.
Ҳукумат! Қотилинг ўзингдан чиқар,
Адил чинорларинг қўпорар, йиқар,
Лак-лак сургун қилар, зиндонга тиқар,
Бошингда туганмас жазолар бўлгай.
Юртбошилар оқил эса, ҳойнаҳой
Эл ҳоли бунчалар бўлмас эди вой,
Инсон бой бўлмаса халқ бўларми бой?
Саволим авлодга нидолар бўлгай.
Султонмурод шу сўзларни айтиб, отга қамчи босиб, Олатоғдан ошиб Қашқарга равона бўлди...
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish