Yuragingda makon tutgan qul
1991-yildan keyin
She’r
Iztirob. O‘zbekiston nashriyoti (1992)
ЮРАГИНГДА МАКОН
ТУТГАН ҚУЛ
Билмам қандоқ, не сабаб, қачон
Ҳаётингга ошно бўлган ул —
Боши эгик, бесўз, беисён
Юрагингда макон тутган қул.
Кимга даъво қилурсан, билмам,
Қайси маслак, қай тузум масъул?
Кетмас бўлиб жой олмиш маҳкам
Юрагингда макон тутган қул.
Исканжадан ётим зурриёд,
Қатағондан бева қолган тул,
Қўҳна замин қаъридан фарёд
Юрагингда макон тутган қул.
Бургут эдинг, парвози баланд,
Сенга ҳам ёр зулфикор, дулдул.
Нечук увол мусича монанд
Юрагингда макон тутган қул?
Умр қошу киприк ораси,
Гадоликдан адолик маъқул.
қуллар ичра энг бечораси
Юрагингда макон тутган қул.
Кел, уйқулик кўзингни оч сен,
Ўз ҳолингдан қаҳ-қаҳ уриб кул.
Шундай кулки, ичингдан қочсин
Юрагингда макон тутган қул.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish