Tushlik tanaffus
1960-1990-yillar
She’r
Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)
ТУШЛИК ТАНАФФУС
Сокингина яшар эди у,
На шодлиги аён, на дарди.
Тонгда тўғри ишга борару,
Оқшом тўғри уйга қайтарди.
Улфати йўқ, кўча кезмаган,
Маишат не билмаган одам.
Биров сезиб, биров сезмаган
Борлигию йўқлигини ҳам.
Бир мўминга доим бир қотил
Эш бўлгандай ёруғ дунёда,
Манглайига битганди хотин,
Азозилдан ўн бор зиёда.
Чўнтагига эрнинг тўр халта,
Қулоғига солиб олам гап.
Рўйхат қоғоз билан албатта,
Кузатарди ҳар кун эрталаб...
Содда, ношуд, ориқ, кичкина...
Ҳар кун уйда ўлтириб оқшом,
Газетдан кўз олмай, тинчгина
Эшитарди хотиндан дашном.
Тирикликнинг ташвиши, ғами
Ҳаммани ҳам қилгандек адо,
Сўнди бир кун умрнинг шами,
Бу оламдан кетди бенаво.
Хотин кўзни очиб ғафлатдан,
Билди — таянч тоги йўқолди.
Шаддод хотин шунда дафъатан
Муштипарга айланди-қолди.
Кўргиликнииг бари — дафъатан,
Қазо боқмас нолаю зорга.
Мана, у ҳам бир кун одатан
Шам кўтариб келди мозорга.
Қудрат тиланг энди сабрига,
Уни кутар бунда турфа ҳол,
Қотиб қолди!
Эри қабрига...
Шам ёқарди ўзга бир аёл.
Лол қотди у.
Тўплаб ниҳоят
Бор макрию иродасини,
Яширолди кўздаги ҳайрат
Ва ҳаяжон ифодасини.
Аёл сари юрди бепарво,
Салом берди.
Сўраб кечирим,
Деди кўнгил олгандай гўё:
— Ким бўлади бу одам?
— Эрим.
«Эрим». Бу сўз хотин кўксига
Оловли ўқ бўлиб санчилди.
Энди билди,
Уни эр нега —
Хуш кўрмасди,
Ҳа, энди билди.
Наҳот шундаи беозор одам...
Наҳот бўлган бошқа хотини...
Мана, энди шундан кейин ҳам
Оқлаб кўринг эркак зотини.
Қани энди гўрни очса-ю,
Бевафони тутса сўроққа.
Сўнг эрига қўшиб мана бу —
Мегажинни кўмса тупроққа.
Э-воҳ, аёл ғазабидан ҳам,
Макридан ҳам асра, худойим!
Ёндирса-да ичини алам,
Савол сўрар яна мулойим:
— Болалар-чи?
— Қолмади ёдгор,
Менга унинг ёди кифоя.
Ғайриодат бу ишқ — бетакрор,
Эшитсангиз қилай ҳикоя.
Мен у билан тушлик чогида
Ошхонада дастлаб кўришдим.
У столнинг нариёғида,
Мен бу ёқда ўтирганча жим —
Овқатландик.
Эртасига ҳам,
Индинга ҳам шу бўлди такрор.
Еттинчи кун деганда илк бор
«Яхшимисиз» деди бу одам.
Танишув кун бўлди у бизга,
Саломлашиб юрдик неча кун...
Кечирасиз, не бўлди сизга?
Титраяпсиз, сингилжон, нечун?
— Ҳечқиси йўқ, совқотдим бир оз.
Давом этинг.
— Хулласи калом,
Бир-бировга ўргандик оз-оз,
Бир-бировга боғландик тамом.
Шундай экан қисмат хоҳиши,
Мен ҳам эдим кимсасиз, танҳо.
У камина беозор киши
Юрагимга бўлди ошино.
Мен-ку, ёлғиз эдим,
На отам,
На онам бор, на оилам бор.
Ёлғиз экан дунёда у ҳам
Фарзандлар ғўр, хотин — дилозор.
Содда, ночор, кўримсиз, аммо —
Қалби унинг бир олам эди.
Теран фикрат, ҳислар мусаффо,
Фидоийлик жамулжам эди.
Э-воҳ, қадрин билмади дунё,
Лойда ётган дур эди бу зот.
Менинг зулмат ҳаётим аро
Ярқ этган бир нур эди бу зот.
Дардлашардик бечора билан,
Иккимизда надомат, афсус,
Ғам-андуҳлар изҳори билан
Утар эди тушлик танаффус.
У сўзларди, мен тинглар эдим,
Мен йиглардим, куярди у ҳам.
Гоҳи узоқ ўлтирардик жим,
Кўзимизга чўкиб тубсиз ғам.
Менинг кўзим дерди:
«Эй, азиз;
Қайда эдинг ўттиз йил аввал?».
Унинг кўзи дерди:
«Фойдасиз...
Бу оламда бахт йўқ мукаммал».
Менинг кўзим дерди:
«Мен муҳтож,
Қидиргандим сени бир умр».
Унинг кўзи дерди:
«Не илож,
Кеч бўлса ҳам кўришдик, шукр».
Сўрсаларки, қай вақт саодат
Бўлган сенинг умрингга ошно?
Дердим: Беш йил —
Ҳар кун бир соат,
Фақат тушлик танаффус аро.
Ўзга макон, ўзга замонда
Мавжуд бўлган олис юлдузлар —
Эл кўзидан пинҳон осмонда
Кўришгандек фақат кундузлар —
Биз ҳам шундай яшадик беш йил,
Бу ҳам турмуш...
Мана, ниҳоят,
Жудо бўлдик...
Бор гап шу, сингил,
Тамом бўлди дардли ҳикоят.
Оқшом чўкар,
Тушар қоронғу,
Хазонларни супурар шамол.
Яримта ой, сурганча хаёл,
Сокингина таратар ёғду.
Қабристонда қолмаган одам,
Ҳувиллаган сукунат аро —
Бир қабр узра ёнар икки шам,
Икки аёл йиғлар бесадо...
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish