Sharqiy qirg‘oq
1960-1990-yillar
She’r
Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)
ШАРҚИЙ ҚИРҒОҚ
(Иван Новиковга)
«Табиат қонуни,
Қайда бор қирғоқ,
Билмадим, фанда не боис омиллар,
Шарқий соҳиллардан ҳамиша тикроқ,
Баландроқ бўлади ғарбий соҳиллар,
Неча дарёларни кузатиб юрдим,
Ҳеч ерда истисно топмадим бироқ,
Ғарбий соҳилларда тепалар кўрдим,
Шарқий соҳилларни кўрдим ётиқроқ.
Аслида замин бир, тенгдир соҳиллар,
Ноҳақлик эмасми, гардуни золим!..
Қайда қирғоқ кўрсам,
Оловли йиллар
Қонли кечувларга учар хаёлим.
Биз доим борганмиз кун чиқар ёқдан,
Улимнинг юзига тик боқиб ҳар гал.
Ёв эса юксакдан, ғарбий қирғоқдан
Қаттол ва бешафҳат ёғдирган ажал.
Биз шарҳдан борганмиз, шарқий соҳиллар
Тўпга нишон бўлди, текис ва яйдоқ.
Биз бўлсак — фидойи жони сабиллар
Тикка боравердик, танимиз байроқ.
Дарё бўлиб оқди дарёда хунлар,
Дўзах оловида бамисли дунё.
Минглардан юз қолдик, юзлардан ўнлар,
Қирилдик, орқага қайтмадик аммо.
Бизга душман эди ҳийла ва ҳадик,
Йўқ эди мардликдан ўзга ҳимоят.
Ёв ўқи тугади, биз тугамадик,
Ғарбий соҳилларни олдик ниҳоят».
Садоси замину кўкни титратиб
Поезд Будапештга тезлаб борарди.
Белорус ҳамроҳим,
Жангчи ва адиб
Менга хотиралар сўзлаб борарди.
Сариқ сочларига оқ оралаган,
Мовий кўзларида тубсиз бир хаёл.
Тирик юрса эди Есенин агар
Бугун бўлар эди балки шундоқ чол.
У сўзлар,
Тирилиб келарлар гўё
Бирга қонли жангга кирган ўртоқлар.
У сўзлар,
Қалбимда беради садо
Фарёд чекиб ётган шарқий қирғоқлар.
Мана, мен юксалиб
Гелерт тоғига
Фидолар қабрига эгарканман бош,
Қарайман Дунайнинг у қирғоғига,
Ногоҳ кўз пардасин қоплаб келар ёш.
Шарқий соҳил ётар тинч ва беозор,
Ҳеч қачон ҳеч нарса кўрмаган гўё,
Гўёки бўлмаган у қонли баҳор,
Оҳиста чайқалиб оқади дарё.
Ҳолбуки қирғин жанг давом этмоқда,
Ҳолбуки қурбонлар руҳи уйғоқдир.
Ҳамон ёв қўрғони ғарбий қирғоқда,
Ҳамон бизнинг маскан шарқий қирғоқдир.
Дардлар гирдобида чарх урар замин,
Мажруҳ сийнасидан силқиб оқар қон.
У ҳар кун, ҳар лаҳза минглаб одамин
Шарқий қирғоқларда бермоқда қурбон.
Бомбай, Мадорасда одам тумонат,
Яратган бандаси мисли тупроқдир.
Очлик ҳар сония минг жонга офат,
Жизғинак кўчалар — шарқий қирғоқдир.
Ногоҳ, гумбурлайди Ҳайфон осмони,
Юрагин чангаллаб қолар бир аёл.
У шарқий соҳилнинг битта қурбони,
Тириклайин топган ёш жони завол.
Ҳамон қитъаларда йўқдир сукунат,
Ҳамон жабҳаларда уйғоқдир ғаним.
Жафокаш дунёда, азалий қисмат,
Шарқий қирғоқдадир менинг ватаним.
Дунёда бор экан ноҳақлик, зулм,
Дунёда бор экан асорат, жафо,
Жангдамиз, бир бошда бор битта ўлим,
Шарқий соҳилларда жонимиз фидо.
Шоир! Эй, тиячимас оловли юрак!
Адолат юлдузи сенга маёқдир.
Ҳақ йўлда фидойи аскарсан демак,
Сенинг қароргоҳинг — шарқий қирғоқдир.
Зулм қўрғонига қила бер ҳужум,
Билки, бизникидир ниҳоят зафар.
Дунёда бор экан токи бир мазлум,
Шарқий соҳилларда ўчмас машъаллар
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish