Majlis qiling
1960-1990-yillar
She’r
Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)
МАЖЛИС ҚИЛИНГ
Вақтингиз бўш бўлса ҳам,
Бўш бўлмаса, мажлис қилинг,
Кўнглингиз хуш бўлса ҳам,
Хуш бўлмаса, мажлис қилинг,
Овчилар, сиз отгани
Куш бўлмаса, мажлис қилинг,
Аҳли бозор, сотгани
Гўшт бўлмаса, мажлис қилинг,
Ҳеч ҳисобмас кунда у
Қўш бўлмаса, мажлис қилинг,
Сиз бирор мажлиссиз ўтган
Кунни кун деб айтмангиз,
Тортинг-у ҳомуза
Маъруза узун деб айтмангиз,
Ҳамма такрор этса бир гапни,
Нечун, деб айтмангиз,
Кўкка вовайло қилиб
Гардуни дун, деб айтмангиз,
Дод демакка сизда
Товуш бўлмаса, мажлис қилинг.
Сиз ҳам эй, тафтишчилар,
Мажлис саноғин текширинг,
Ҳам қарор, кун тартибу
Ҳужжат вароғин текширинг,
Нотиқ оғзин текширинг,
Соме қулоғин текширинг,
Курси тешган нозик ул
Жойда қадоғин текширинг,
Гар жароҳат унда
Кўша-қўш бўлмаса, мажлис қилинг.
Кўрмасин деҳқон дала
Созанда соз, шоир қалам,
Ишчи ҳам дастгоҳ ёнига
Қўнмасин асло қадам.
Очмасин олим китобу
Қилмасин тажриба ҳам,
Кимки гап билмас, билар иш,
Қилсин ўлгунча алам,
Ишбиларни ургани
Мушт бўлмаса, мажлис қилинг.
Гар мабодо мажлисингиз
Эртароқ бўлса тамом,
Не ажиб ишдир йиғинни
Уйда эттирмоқ давом,
Хонага минбар ясангу
Юксалинг соҳибкиром,
Масъала қўймоққа уйда
Бир сабаб бўлғай мудом,
Газ қозон, ё ванна ё
Душ бўлмаса, мажлис қилинг.
Белни боғланг, бу жаҳонни
Тўлдиринг коғоз билан,
Ўзини алданг, бўлмаганни
Бўлдиринг коғоз билан,
Иш билан шод этмангиз ҳеч,
Кулдиринг қоғоз билан,
Ким қоғозбозликни суймас,
Ўлдиринг қоғоз билан,
Ўлмаса у, ёки
Беҳуш бўлмаса, мажлис қилинг.
Соҳиб идрок бўлсангиз гар,
На фақат соҳиб суҳан —
Демангиз мажлисни мажлис,
От қўйинг турли-туман.
Гоҳи суҳбат, гоҳи ҳайъат,
Давра денг, ё анжуман,
Лаҳзалик денг, ҳафталик денг,
Не десангиз жону тан.
Номи минг бўлгач,
Фаромуш бўлмаса, мажлис қилинг.
Вақт ўтар, соат ўтар,
Кун ой бўлур, ой йил бўлур.
Ким у ўтган умрига
қарсак чалур, қойил бўлур,
Фурсат энг олий ҳакамдур,
Доимо одил бўлур,
Барча бир кун ул ҳакамнинг
Ҳукмига доҳил бўлур,
Тўплангиз эс-ҳушни,
Эс-ҳуш бўлмаса, мажлис қилинг.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish