Kelajakka maktub

1960-1990-yillar She’r Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)

КЕЛАЖАККА МАКТУБ Иван Васильевич — даҳшатли подшоҳ Ғазаби жунбишга келганда ногоҳ Темир асо билан уриб ўглини, Фарзанд қони билан бўяб қўлини, Узи даҳшат ичра лол қотди бир дам... Роса ярим аср Шундан муқаддам Узга мамлакатда ўзга бир тождор — Ул ҳам беҳуш ётган ўғли узра зор Кўкка қўл чўзганча чекарди фиғон: «Менинг жонимни ол, эй, парвардигор, Аммо фарзандимни қолдиргин омон!» Мирзо Бобур оҳи фалакка етди, Ҳумоюн кўз очди. Соат ба соат — Ҳаётга қайтдию ўғлон саломат, Отани хасталик тўшакка элтди. Сокин шифтга боқиб ётар Бобуршоҳ, Умри битганидан юраги огоҳ. Соҳиби салтанат, соҳиби қалам, Кўнглида шукрона ва битмас алам. Шукрким, куймади фарзанд доғида, Аламким, ўлмади юрт тупроғида. Шукрким, байтларда номп қолажак, Аламким, зобит дер уни келажак. Шукрким, бу юртни қилолди обод, Аламким, муҳтожлик бўлмади барбод. Гадолар юртидир бу гавҳар тупроқ, Шу боис шукридан алами кўпроқ. Бошида валиаҳд ўлтирар ёлғиз, Ёш келмас кўзлари мўлтирар ожиз, Рангпар чеҳрасида унинг шоҳ Бобур Бенажот салтанат рамзин кўради. Мана, Тўплаб сўнгги саботни шоир Аста қўл узатди, Қалам сўради. Шоир «қалам» деди. Янги бир ғазал, Янги рубоийми келар дунёга? йўқ, Хат ёзар бўлди шоҳ Бобур бу гал, Мактуб битар бўлди ўрис подшога: «Фоний бу дунёда холиқи қудрат Подшолар амрини қилмишдир вожиб, Сизга Рус тожини кийдирган қисмат Бизга Ҳинд тахтини кўрмиш муносиб. Бахтми бу бахтсизлик — оллоҳга аён, Не бўлсак, ҳақ амри ифодасидир. Ва лек эллар аро жангу алъамон Энди биз подшолар иродасидир. Бу ғамли, бевафо, фоний оламни Тарк этмоқ муҳаққақ шоҳу гадога. Фақат эзгу ишлар пасли одамни Марғуб этгувсидир икки дунёга. Кўп кўрди бу замин офат ва қирон, Тингламоқ чоғидир адолат сасин. Эй, халқи бешумор, юрти бепоён — Буюк шоҳ, боғлайик дўстлик риштасин. Мен — салтанат шоҳи, йўқ, саргашта жон. Ҳақиқат излаган дунёда якка. Машриқ сийнасидай силқиб ётар қон, Шоир қалби ожиз малҳам бўлмакка. Умрим поёнида мен кўрган нажот Қисмат саҳросида балки саробдир. Аммо ният қилдим ўқиб саловот: Пок ният ўзи ҳам олий саробдир. Эмди бу жаҳонга бир қудрат керак, Жаҳоний зулматни енгмоққа қодир. Сизга тилагувчи тангридан кўмак: Имзо — Заҳириддин Муҳаммад Бобур». Олис Россияга етиб келди хат, Неча тоғлар ошиб, денгизлар ошиб. «Сизга Рус тожини кийдирган қисмат Бизга Ҳинд тахтин кўрмиш муносиб...» Қайси Ҳинд? Қайси тахт? Бу қандай диёр? Нечун империя? Хитойми, мўғул? Москва князи — мағрур ҳукмдор Бир дакиқа бўлди хаёлга машғул. Сўнг тасалли топди: Бор бўлса бордир, Дунё кенг, эллар кўп, билмоқ душвордир...» Князь ғофил эса маъзур — Бу мактуб Унга тегиб қолди тасодиф фақат. Унга тегиб қолди хатолик ўтиб Олис келажакка жўнатилган хат.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.