Kuz yomg‘iri 1.Raykom sekratari
1960-1990-yillar
She’r
Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)
КУЗ ЁМҒИРИ
1. Райком секретари
Мана, у ниҳоят бир ўзи қолди,
Роса ярим тунга занг урди соат.
Кунбўйи ҳаммадан маслаҳат олди,
Энди ўзи билан қилар маслаҳат.
Секретарь кўнглига қил сиғмас бугун,
Қафасдаги шердек бориб келади.
Хаёлида минг хил «қандай» ва «нечун»,
«Нима қилмоқ керак?», «Нима бўлади?»
У мижжа қоқмайди учинчи кеча,
Уч кеча-кундузки дунёси қаро.
«Ёмғир ичга ёғар» сўзи рост эса,
Секретарь ичида айқирар дарё.
Тонгдан тингани йўқ райкомга оқим,
Мункайган чолгача талаб этади:
Айт, кутиб ётамиз токайгача жим,
Пахта зар бўлса ҳам чириб кетади.
Дўстлари келади:
— Узииг бошлаб чиқ,
Ҳамма нарса тайёр, сенга не керак?
Беш мингта этик бор, беш минг ёпипчиқ,
Яна беш минг нафар фидойи юрак.
Қор аралаш ёмғир урар дарчага,
Секретарь кўнглида миллион муаммо.
У бир оғиз чиқдик деса, барча халқ —
Етти ёшдан етмиш ёшга кадар то —
Эркакми, аёлми, чолми, болами,
Деҳқонми, ишчими ва ё муаллим —
Оёққа туради фидо олами,
Лекин секретарь жим, уч кундирки — жим.
Эзик ўйларини ютади кулдон,
Хаёли тутундек чулғар дунёни.
Бир томонда пахта, орият, виждон,
Бир томонда тирик одамлар жони.
Қулоғидан кетмас бригадир Сафо
Кеча айтган сўзлар, тўлиб аламга:
«Пахта инсон учун яралганми ё —
Инсон пахта учун келган дунёга?
Йўқ, мен беролмайман бирорта одам,
Улар эртага ҳам керак-ку, ахир!..»
Унга кўплар дашном берган бўлса ҳам,
Балки бир ҳисобда Сафо ҳам ҳақдир.
Одамзод, қарқалай, темирдан эмас,
Кўрсатмасин, дардга чалинса бир жон —
План тўлдирганн унга татимас,
Кўксини куйдирар таққани нишон.
Курсига ўтирди... Шу пайт баногоҳ
Нуроний бир сиймо кирди хонага.
Йўқ, бу хаёл эмас, тушмас, у огоҳ,
Отаси тирикдай келди ёнига:
Сўзимга қулоқ тут, бардам бўл, болам,
Йнгит бўл, қила бер элни сафарбар.
Ишинг ўнгдан келар!»—деди-ю, шу дам —
Ғойиб бўлди. Сапчиб турди секретарь.
Дераза ёнига келди. Дафъатан —
Кўзларига унинг қалқиб чиқди ёш.
Бу ёш севинч эди. Тоғ орқасидан
Чиқиб турар эди чарақлаб қуёш.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish