Arslon o‘rgatuvchi
1960-1990-yillar
She’r
Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)
АРСЛОН ЎРГАТУВЧИ
(Ванкувер томошагоҳида)
Панжарада
Олов ҳалқа ёнар чарсиллаб,
Арслон узра —14
Узун қамчи ўйнар қарсиллаб.
Ёлдор йиртқич
Эгасига совуқ тикилар.
Наърасидан
Томошагоҳ ларзага келар:
— Ожиз одам!
Бас, бошимда қамчи ўйнатма!
Кўксимдаги
Ухлаб ётган ҳисни қўзғатма!
Ҳаддан ошма!
Уз бошингга ўзинг етарсан,
Этларингни —
Нимта-нимта қилсам нетарсан!
Кўриб қўй,
Бу панжаларни сийнангга солсам,
Шуҳратпараст юрагингни
Суғуриб олсам,
Йилтираган баданингдан
Тирқиратсам қон,
Нажот бермас
Сенга қарсак чалган оломон.
Бор!
Оловдан сакрамасман!
Бўлма овора!
Биласанми —
Мен кимману сен ким, бечора
Мен — тўқайлар шоҳи,
Тутқун бўлсам-да агар,
Сен-чи,— нўноқ масхарабоз,
Пасткаш бозигар!
Шуҳратга маст,
Ўз ҳолини билмаган басир!
Номард тақдир
Мени қилди қўлингга асир!
Ҳалол кучга завол берган,
Ҳийлага қудрат,—
Мени банди қафас этган
Дунёга лаънат!
Эй ивишиқ кўкрагини
Завқ билан кериб,
Шер зотини масхарабоз
қўлига бериб,
Мард ҳолидан
Роҳат олиб қилган хандалар,
Лаънат сизга,
Томошабин, гумроҳ бандалар!
Панжарада
Олов ҳалқа ёнар чарсиллаб,
Арслон узра
Узун қамчи ўйнар ҳарсиллаб
Ёлдор йиртқич
Эгасига совуқ тикилар —
ўргатувчи
Аста унинг ёнига келар.
қулоғига бир сўз айтар
Эгиб қоматин:
— Нодон дема,
Мен биламан арслон қудратин
Сен тўқайлар подшосисан,
Мен — бечораман,
Ҳамла қилсанг,
Бир лаҳзада тилка-пораман.
Фалак иши —
Бизнинг бундай турфа шериклик,
Менга қамчи,
Сенга қафас берди тириклик.
Сен тантисан,
Наздингда мен қув, догулиман,
Асли ўша тирикликнинг
Сендек қулиман.
Менга недир оломоннинг
Олқиш, қарсаги,
Сенинг ҳар бир ўтли наъранг.
Менга тарсаки.
Нетай, мен ҳам эгалик қул,
Бошда хўжам бор,
Ғазаб қилса
Кўзларимга дунё бўлар тор.
Менда-ку дард, истеъдод бор,
Бор андак сеҳр,
Ҳеч бўлмаса ҳайвонотга
Шафқату меҳр.
Томошагоҳ эгаси ким
Менинг қошимда!
Аммо қамчи ўйнатар у
Доим бошимда.
Ҳолатимни тушун,
Исён қилма, биродар,
Чарх олдида иккимиз ҳам
Асли баробар.
Гарчи арслон ўйнатаман,
Гарчи мен — Одам,
Ой сўнгида қанд кутаман
Хўжамдан мен ҳам.
Гоҳ жонимдан ўтса зулм,
Наъра тортаман,
Лекин бундан
Фақат бошга бало ортаман.
Бу сўзларга чидолмади,
Тўлғанди арслон:
— Бўлди, бас қил!
Юрагимни қон қилма, инсон!
ўт олсин бу чарх-фалакнинг
Ризқу рўзини!..
Арслон
Олов чамбаракка
Отди ўзини.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish