Bizlar ishlayapmiz
1960-1990-yillar
She’r
Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)
БИЗЛАР ИШЛАЯПМИЗ
— Гапинг бўлса
мендан тўғринча сўра,
Микрафонингни қўй,
мухбир укажон!
Мен учун темирга сўзлашдан кўра,
Эртадан кечагача ер чопган осон.
Бизнинг ишимизни
«саховат» дединг,
«Дала полвонлари» атадинг бизни,
Бунча баландпарвоз сўзламас эдинг
Билсайдинг кўнглимиз,
одатимизни.
Бизга тўғри келмас
«чавандоз» сўзи,
«Жонбозлар» деганинг эришроқ бир оз,
«Зафар маррасини қучмоқ» не ўзи?
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Тўғри,
Биз кўплардан эрта турамиз,
Бошқалардан кўра
ётамиз кечроқ.
Ёзу қиш
далада «жавлон урамиз» —
Сенинг сўзинг билан айтганда —
Бироқ —
Пахтакор касбининг
шох-бутоғи йўқ,
Фақат меҳнатимиз
сал ўзига хос.
Қўл қадоғи бору
иш адоғи йўқ,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Касбнинг ўнғайи йўқ,
ишнинг осони,
Байт бор —
Машаққатсиз бўлмайди ҳунар.
Кимнинг ширин бўлса агарда жони,
Ҳар бир касб кўзига мушкул кўринар.
Тириклик деганнинг ўзи бўлмайди,
Ризқ осмондан тушмас
чекиб ётсанг нос.
Озроқ жон койитса одам ўлмайди,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
«Бободеҳқон» эмас,
биз оддий деҳқон,
Шунинг учун гапнинг тўғриси маъқул.
«Пахта ишқи» дединг,
бу ишқмас, ишон,
Пахта жононамас, гул ҳам эмас ул.
У пешона тери,
машаққат,
озор,
Елкадаги юк у — бизларга мерос.
Асалари учун «балли» на даркор,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Дала хаёлингда балки соф ҳаво,
Фақат тиниқ сувдир,
кўм-кўк майса-ўт.
Йўқ,
бунда
техника, илм бор,
кимё,
Пахтазор ҳам бугун каттакон завод.
Биз ҳам,
ўйлаб кўрса,
рабочий одам,
Энгил мой
кўнгилда моторга ихлос.
Лекин биз хурсандмиз шунисига ҳам,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Фан-ку ўз йўлига,
пахтага туйғу,
Илми ғайб дегандек
сезги ҳам керак.
Бир кун эрта эксанг эрта бўлар-у,
Бир кун кеч қадасанг
кеч қолдинг демак.
Темирчидан эмас, деҳқондан чиққан
Бу мақол:
темирни қизигида бос.
Кўзимиз ўрганган,
юрак чиниққан,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
«Чопиқ гашти» дединг,
эҳ бу не роҳат,
Билмоқ бўлсанг,
сезмоқ бўлсанг не ҳузур,
Кун бўйи демайман,
бир-икки соат
Лолақизғалдоқнинг офтобида тур.
Бу иш
«пўлат отни мағрур суриш»мас,
Рост гапнй антавер,
уялтирмас рост.
Далада чанг ютиш «жавлон уруш» мас
Бизлар пшлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Газетда шеърингни ўкидим у кун,
Сувчи тўғрисида
битибсан «ашъор».
Тасвирлабсан:
сувчи оппоқ ойдин тун
Сув бўйида ёрин кутар интизор.
Бир кеча кўрсайдинг
сувчи заҳматин,
Ойни хандалакка қилмасдинг қиёс.
Тарк этиб саҳарги уйқу лаззатин,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
«Улкан мажбурият»,
«аҳду панмонлар» —
Деҳқон сўзимас, —
биз кўкрак кермаймиз.
Ҳисоб-китобликдир бизнинг планлар,
Кўзимиз етмаса ваъда бермаймиз.
Ҳар бир режамизда
тажриба,
ҳаёт,
Ҳар сўзимизда бор бир илмий асос.
қилмоқда эмасмиз
— «афсона бунёд»,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Чигитнинг навию
Тупроқ кучидан
Тоғнинг қоригача ҳисобда,
бироқ
Табиатда иш кўп бизлар кутмаган,
Пахтанинг дўстидан душмани кўпроқ.
қурт тушса
қўл билан терамиз баъзан,
қайтадан экамиз
дўл урса паддос.
Талашиб,
келишиб
табиат билан,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Баъзан янглишамиз,
биз ҳам инсонмиз,
Хато — тонналарни нобуд этади,
Райкомдаги гаплар, мисоли бигиз,
Суяк-суяклардан ўтиб кетади.
Чидаймиз,
Отадан қолган мол эмас,
Ўз мулкимиз учун
барча эҳтирос.
Гап бор,
от тепкисин от кўтарар, бас,
Бизлар ишлаяпмпз,
Бу меҳнат холос.
Теримни айтмайман,
ортиқчадир гап,
Кузда келсанг, ўзинг кўрасан, укам.
Раислар уйида ётмас ҳафталаб,
Йигирма тўрт соат
секретарга кам.
Терим ҳам машаққат,
ҳам қувонч,
ташвиш,
Пахта доим бирдек
очилмас қийғос.
бари бир,
терим ҳам ўзимизнинг иш,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Ҳар бир машаққатнинг
роҳати ҳам бор,
Ҳар қўшиш бир қувонч
ҳадя этади.
Кўпкарида отни қамчилаб бир бор,
«Ҳайт» десанг, ғуборинг чиқиб кетади,
Турмушимиз кўриб турибсан, мана,
Кетмас давлатимиз — феълимизга мос.
Бунга боис,
такрор айтаман яна,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Ҳа, биз ишлаяпмиз,
чунки бу меҳнат
ўзбек шуҳратига шуҳрат қўшади.
Юртнинг ғазнасига
бизнинг баракат
Жарақ-жарақ олтин бўлиб тушади.
Оламда борми ҳеч
бунақа фараҳ?
Лекин яшаяпмиз беайюҳаннос.
Ҳаёт — жаннат эмас,
иш эмас дўзах,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Камимиз йўқ,
уйга келганда меҳмон
Битта қўй сўйишга етар қурбимиз.
Фақат тилагимиз — эл бўлсин омон,
Омон бўлсин доим
ота юртимиз.
Сенга айтадиган гапим шу,
укам,
Жимжима гапни қўй,
тўғрисини ёз.
Токи кўрсин,
билсин,
англасин олам,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу меҳнат холос.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish