“Oqsoqol”

1960-1990-yillar She’r Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)

«Оқсоқол» Уни ҳамма бирдек Дерди «оқсоқол», Гарчи соч-соқоли оқ эмас эди, Илму донишда ҳам тоқ эмас эди, Бироқ ҳамма бирдек дерди «оқсоқол». Чоғроқ бўйлик эди «Оқсоқол» ўзи, Қаддида салобат бор эди, лекин. Ёниб турар эди кўкимтир кўзи, Секин гапирарди, Юрарди секин. Уни ҳурмат қилар эди одамлар, (Агар ҳурмат бўлса қўрқувнинг оти), Ундан нажот тилар эди оламлар, Элга керак эди унинг «нажоти». Чунки «оқсоқол»да ноёб фазилат — Қаҳр, бешафқатлик, зуғум бор эди. У пайт зарур эди балки бу хислат, Эл қаттиққўлликка балки зор эди. Урушнинг охирги йилин эслайман, Биз саҳардан нонга навбат олардик. Бола эдик, Уйқу элитиб баъзан, Деворга суяниб ухлаб қолардик. Дўкон очилганда Жон кириб бизга, Елкалардан ошиб интилар эдик. Навбат узун эди, бўйимиз қисқа. Нон кам, Халойиқ кўп, Не қилар эдик? Шунда етиб келар эди «оқсоқол», Қўлида ўйнатиб тол хивичини. Тартибга келарди одамлар дарҳол, Ўшанда билганман Қўрқув кучини. Болалар, катталар жим, итоаткор, Бир сафга тизилиб турар эди тек. «Оқсоқол» Тартибни кўрарди бир бор, Айланарди парад қабул қилгандек. Сўнгра, Қўлларини тиқиб камарга, Қора оломондан қилгандек ҳазар Тепаликда туриб пастдагиларга Ғазаб, нафрат билан ташларди назар. У хипчини билан Қилса ишора Навбат билан ҳар ким оларди ҳақин. Сафдан чиқса борми бирор бечора, Беизн дўконга келсами яқин, Оч қолиши тайин эди ўша кун, «Осқоқол» аёвсиз эди шу қадар. Мен ҳайрон бўлардим, Ажаб, не учун Шу мушук кўзликка тобе одамлар! Ахир уларники дўкондаги нон, Тартиб билан бориб олсалар нетар! «Оқсоқол» га эмас, Босабру ёмон Қалбларига қулоқ солсалар нетар! У замон очлигу муҳтожлик дарди Қилиб қўйган эди қоматларни дол. Балки шунинг учун улар чидарди, Балки зарур эди у пайт «оқсоқол». Мана, йиллар ўтди, «Оқсоқол» бугун Аввалги иззату мавқеда эмас. Қариб соч-соқоли оқарган бутун, Лекин бугун ҳеч ким «оқсоқол» демас. У баъзан кечқурун, Баъзан эрталаб Нондўкон ёнида ўлтирар маъюс. ўтган-кетганларнинг ортидан қараб, Кўкимтир кўзлари мўлтирар маъюс. Бу нигоҳ маъноси Элга ноаён. Балки шукронадир, покдир тилаги. Балки... Хотирига келар у замон, Уша тол хивични қўмсар юраги. Кўзига кўринар Балки шу тобда Навбат кутиб турган ожиз бандалар... У маъюс ўлтирар, Янграр атрофда Шодон қўшиқлар-у қувноқ хандалар.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.