Temirtan daholar
1960-1990-yillar
She’r
Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)
ТЕМИРТАН ДАҲОЛАР
Академик Восил Қобуловга
Бу —
кибернетика институти,
Сеҳру мўъжизалар мамлакатидир.
Музаффар,
баркамол
тафаккур юрти,
Темиртан даҳолар салтанатидир.
Бу ерда фикрлаш тезлиги нурдай,
Мана бу —
кўримсиз пўлат жомадон —
Биз бирни иккига қўшиб улгурмай
Мильярдни мильярдга
зарб қилур осон.
Фикрат қутисида
«коинот сири,
Буржлар нурланади темир даҳодан.
Ер қаърига шуъла юборса бири,
Тўлқинлар тутади бири фазодан.
Мана бу чамбарак
«Каисса — 90»
«ЧС — 7» билан шахмат суради.
Манов сандиқ эса
уч кундан буён
Бўлажак шаҳарга режа қуради.
Бу — рассом,
ўйнатиб нейлон кўзларин
Суратлар чизади,
рангип, жимжима.
Бу ғўла — таржимон,
чулчут сўзларин
Қайта чулчутчага қилар таржима.
Темиртан даҳолар
ишлар шу йўсин,
Шовқин йўқ,
жанжал йўқ, —
тўлқин — ишора.
Улкан темир тахта —
шифт бўйи устун
Улар меҳнатини қилар идора.
Ву юртда режа бор,
иш бор,
гайрат бор,
Темирлар ҳордиқ куя қилмаслар талаб.
Душанба бошлари оғримас наҳор,
Кечикиб қолмаслар ишга эрталаб.
Бунда тамаъ қилмас
ҳеч ким дўстидан,
Бу юртда бўлмайди фитна,
ғийбатлар.
Ҳеч қачон «К—14» «Д-5» устидан
«Б—3»га ёзмайди юмалоқ хатлар.
Темирлар юртида мажлисбозлик йўқ,
Соатлаб маъруза айтмайди ҳеч ким.
Асаблар торини узмас таҳқир — ўқ,
Аппарат йиқилмас кўксин ушлаб жим.
Ҳар ким ўз қудратин одил баҳолар,
Касбдоши йўлига қўймайди тузоқ.
Чунки улар фақат
темир даҳолар,
Инсоний даҳодан ҳали кўп узоқ.
Не ажаб улар ҳам ўрганса бир кун,
Ким билсин,
олимлар балки туймишлар.
Одамзод нафаси тегмасин учун
Уларни шишага солиб қўймишлар.
Темирларга ётдир севиичу кўз ёш,
Дунё можароси
уларга абас.
Бизнинг низоларга бермаслар бардош.
Чунки улар темир, —
одамлар эмас.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish