Yosh shoirlarga
1960-1990-yillar
She’r
Bedorlik. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti (1985)
ЁШ ШОИРЛАРГА
«Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...»
ҲАМИД ГУЛОМ
Катта шоирларга қилмангиз ҳавас,
Сизга ҳавас қилсин катта шоирлар.
Чунки шеър бахтига устозлар эмас,
Муяссар бўлади кўпроқ шогирдлар.
Ҳали ёшсиз,
Ҳали шеърингиз ғўра,
Элнинг назаридан ҳали йироқсиз.
Лекин юртга машҳур шоирдан кўра
Билингки, юз чандон сиз шоирроқсиз
Шеър сизга ҳавасдир,
Ҳали эмас иш.
Сиз шеърга сидқидил кўнгил берганлар.
Ов чоғи ўзини қилмай намойиш
Панада бўлади доим мерганлар.
Танҳолик — шоирга дил эҳтиёжи,
Хаёлга ошнолик — буюк бахтингиз.
Сўнгач бошингизга шуҳрат гултожи
Ташбеҳ изламоққа ҳолмас вақтингиз.
У пайт кўп бўлади ҳамдаму жўра,
Обрў, мартабада юксак бўласиз.
Сиз унда дафтару қаламдан кўра
Байрамларга кўпроқ керак бўласиз.
Ахир, ҳар инсоннинг, шоирлар деса,
Кўз олдига келар фидойи мардум.
Кимгадир сиз билан ичмоқ бахт эса
Нечун қилмоҳ уни бу бахтдан маҳрум!
Сизни сўраб, сизни истаб чириллар
Бу оламнинг барча қўнғироқлари.
Сиз билан учрашув ўтказмоқ тилар
Ён қўшни богчанинг чақалоқлари.
Қаерга бормангиз, ана шоир, деб
Эл кузатар ҳар бир қадамингизни.
Сиз инсон қалбини ўрганмоқ қолиб,
Ургана бошлайди одамлар сизни.
Бир кун омадингиз келса не ажаб,
(Омад дегани ҳам бор-ку дунёда)
Донишманд одамлар айтар:
Бу не гап,
Наҳот шундай одам юрса пиёда!
Амалдор бўласиз,
Курсингиз баланд.
Хизматннгиз қилар машина ҳар кун.
Тонгда олиб кетиб магзингиз билан,
Пўчогингиз ташлаб кетар кечқурун.
Бир марта тушгансиз элнинг кўзига,
Энди кўздан нари кетмайсиз бир дам.
Фахрий аъзо қилар сизни ўзига
Каламуш тутарлар жамияти ҳам.
Беором қушлардек сиз учиб-қўниб
Ҳайъатдан ҳайъатга парвоз этасиз.
Тунлар шеър қаламин оҳиста йўниб,
Эртанги мажлисга нутқлар битасиз.
Сизда ҳар нарса бор,
Йўқ сизда йўги,
Етгайсиз, ҳар қалай, тилагингизга.
Лекин ёзилмаган шеърларнинг чўғи
Кул бўлиб тўкилар юрагингизга.
Бир кун тонгда
Оппоқ сочингиз тараб,
Дилингиз шогирдлик вақтин қўмсайди.
Айтасиз ҳаваскор ўсмирга қараб:
«Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...»
Катта шоирларга сиз қилманг ҳавас,
Сизга ҳавас қилсин катта шоирлар.
Чунки шеър бахтига устозлар эмас,
Муяссар бўлади кўпроқ шогирдлар.
Bu she'r uchun audio yozuv mavjud emas.
So'z qidirish
Qidiruv sahifasiga o'tish